Нимкоса
14:36, 26 май 2020
Отаси йўқлар учун YouTube канал ишга тушди
Отаси йўқлар учун YouTube канал ишга тушди
YouTube | скрин

Америкалик фуқаро отасиз ўсаётганлар учун соқол олиш, шина алмаштириш ва бўйинбоғ боғлашни ўргатадиган YouTube каналини ишга туширган. Маълумотларга кўра, у ҳам отасиз ўсган.

Америкалик Роберт Кенни “Dad, how do I?” (Дада, буни қандай қиламан?) номли YouTube каналини 1 апрелдан йўлга қўйган. Бу канал отасиз ўсганлар учун махсус ҳисобланади. Муаллиф соқол олиш, дазмол қилиш, бўйинбоғ боғлаш, ҳожатхонани таъмирлаш ва шиналар алмаштиришни ўргатадиган видеойўриқномаларни жойлайди. Яъни Кенни одатда отадан ёрдам ҳамда маслаҳат сўраладиган саволларга жавоб беради.

Бўйинбоғ боғлаш

Кеннининг ўзи ҳам отасиз ўсган. Ота-онасининг турмуши болалигида бузилган. Онаси ичкиликка ружу қўйган, отаси эса Кенни 14 ёшлигида фарзандлари тарбияси билан шуғулланмаслигини айтган. Шу тарзда Кенни мустақил бўлишни ўрганган.

YouTube орқали бой бўлиш ҳеч қачон унинг мақсади бўлмаган. У шунчаки ота-онасининг хатосини қайтармасликни истаган ва фарзандлари Кайла ҳамда Кристианани бахтли қилишга уринган. Кеннининг фикрича, у буни уддалаган.

Соқол олиш

Кенни карантинда канал очишга вақт топган. Унинг доимо ўз билимларини кейинги авлодга қолдириш истаги бўлган ва бирваракайига етим болаларга ёрдам беришни хоҳлаган. Шу тариқа “Dad, how do I?” канали пайдо бўлган.

Кеннининг келгуси режаси турли анжомлар ҳақидаги роликлар олиш. Роликлар ҳар сешанба куни унинг каналида чиқади.


lenta.uz
Отаси йўқлар учун YouTube канал ишга тушди