Таҳлил
14:21, 20 май 2020
"Нега мен сўрайман сиздан ижозат?!" — Давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳаси атрофидаги гаплар
"Нега мен сўрайман сиздан ижозат?!" — Давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳаси атрофидаги гаплар
Marifat.uz

Ўзбекистон ҳудудида узоқ йиллардан буён рус ва ўзбек халқлари дўстона муносабатда яшаб келишган. Бунда ҳар икки миллат вакиллари учун тил, дин ва маданият борасида ижтимоий-сиёсий эркинлик ҳамда имкониятлар етарли даражада яратиб берилган.

Аммо сўнгги пайтларда давлат тилига бўлган эътибор ва унинг атрофидаги машмашалар кўпчиликнинг эътиборини тортгани аниқ. Бу пайтда Ўзбекистон халқ шоири Шавкат Раҳмоннинг машҳур мисралари жуда мос келади:

Юз эллик йилдирки мана шу ҳолат,
Ҳануз давом этар маккор тижорат,
Билмадим, қаердан ушбу жаҳолат,
Нега сиз бўлмайсиз сира хижолат?
Нега мен сўрайман сиздан ижозат?!

Танганинг олди томони

Ўзбекистон мустақил мамлакат сифатида ягона давлат тилига эга бўлишга тўлақонли ҳақли. Гарчи 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган бўлса-да, Ўзбекистонда узоқ йиллардан буён ижтимоий-сиёсий соҳаларда икки тиллик яққол кўзга ташланиб келган. Бу эса ўз навбатида, мамлакатда тил борасидаги ижтимоий-сиёсий бетартибликни келтириб чиқариши мумкин.

2020 йил апрелда Адлия вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 42-моддаси иккинчи қисмига қўшимча киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган.

30 йил биров "эсламаган" қонун ана шу лойиҳадан кейин ҳаммани "уйғотиб" юборди гўё. Ҳолбуки, азалдан мавжуд қонунга кичик ўзгартиш, яъни жазо чораси кучайтирилаётган эди холос. Аммо жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда бу лойиҳа кенг муҳокама қилина бошланди.

Асосан русий забонлар эътироз билдиришга тушишди. Кейинроқ эса бу муҳокамаларга депутатлар, журналистлар, блогерлар, тилшунослар, сиёсатчилар аралаша бошлашди. Ниҳоят Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг Ўзбекистондаги қонун лойиҳасига аралашиши катта "портлаш" бўлди, дейиш мумкин.

Захарова 14 май куни ўтказилган брифинг чоғида Ўзбекистонда аҳолининг катта қисми рус тилининг доимий ҳолатида қолишини хоҳлаётгани, жорий этилиши кутилаётган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватловчилар озчиликни ташкил этишини айтган. Бунда у Россиядаги кўплаб ўзбек меҳнат муҳожирлари ва талабаларини мисол қилиб келтирган.

"Бу ерда аниқ режа ва сиёсий мақсад бор"

Мария Захарованинг расмий муносабатидан сўнг, Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий соҳа вакиллари ҳам шахсий фикрларини билдиришган. Улар "Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг замонавий сифати умуман тил масаласи билан ўлчанмаслиги лозимлигини қайд этиб, Ўзбекистонда рус тили тарафдорлари кўпчилик эканини" айтган Мария Захаровани ёлғон гапиришда айблашган.

Шунингдек, бунга Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Юксалиш умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов, Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев асосли жавобларини беришган.

"Ўзбек тили ҳақида россиялик тилшунослар фикр билдиришганида тўғри қабул қиламиз, бироқ бу мавзу Ташқи ишлар вазирлиги минбарида тилга олингани бекорга эмас. Бу ерда аниқ режа ва сиёсий мақсадлар борлиги кундай равшан", деган Озодбек Назарбеков.

Ва ниҳоят

Узоқ кутилганидан сўнг Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам Россия расмий вакилининг сўзларига ўз муносабатини билдирди.

Ташқи ишлар вазирлиги айнан Захарова хонимнинг исмини тилга олмаган бўлса-да, изоҳ мазмунидан буни билиб олиш қийин эмас. Вазирликка кўра, "давлат тилини тартибга солувчи соҳага боғлиқ масалалар давлатнинг мутлақ ички сиёсатига дахлдор бўлиб, ҳар қандай аралашув асло мақбул эмас".

"Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатимизда давлат тили ҳақидаги қонун талабларига риоя этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш жараёнида холис бўлишга, олдиндан асоссиз хулоса чиқармасликка ва ҳурмат сақланишига умид қилади", дейилади ТИВ изоҳида.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 10 апрель куни "Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида"ги қонунни имзолаган. Унга кўра, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланган. Қонун кучга кириб бўлган.

Шунингдек, 2019 йил 21 октябрь куни "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон ҳам имзоланган.


lenta.uz
"Нега мен сўрайман сиздан ижозат?!" — Давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳаси атрофидаги гаплар