Хабарлар
17:14, 02 июль 2020
Маҳкумларга виртуал учрашувларга рухсат берилди
Маҳкумларга виртуал учрашувларга рухсат берилди

2020 йил 1 июлдан маҳкумларга ўз хоҳишларига кўра, қариндошлари билан узоқ ва қисқа муддатли учрашувларни видео учрашувларга алмаштириш ҳуқуқи берилган. Жараён ҳибсхона раҳбарияти томонидан ҳимояланган алоқа каналлари орқали видеоконференция режимида амалга оширилади.

Қариндошлар билан узоқ муддатли мулоқотни маҳкум, шунингдек, қисқа учрашувга ёки телефон қўнғироқларига алмаштириши ҳам мумкин. Худди шу алоқа тури қисқа муддатли учрашув бекор қилинганда асқотади.

Ўзгартиришларга кўра, вояга етмаган маҳбусларга ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслари билан учрашувлар чекловсиз тақдим этилади. Қамоқхоналарда сақланаётган аёлларга ҳар йили ўз болалари билан тўрт марта (беш суткагача) учрашувлар ўтказишга рухсат берилган. Манзилли колонияда жазо муддатини ўтаётганлар учун – чекловсиз.

Бундан ташқари, маҳбуслар шахсий хавфсизлигига таҳдид бўлган тақдирда, қамоқхонанинг исталган ходимига оғзаки ёки ёзма равишда мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган. Ариза уч кун ичида кўриб чиқилади. Бу пайтда маҳбус хавфсиз жойга ўтказилади. Агар қамоқхона раҳбарияти маҳбуснинг хавфсизлигини таъминлашни рад этса, у юқори турувчи идораларга – прокурорга ёки судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.

Апрелда СОVID-19 тарқалиши сабабли маҳбуслар сўроқдан ва адвокатлар билан учрашувлардан вақтинча озод қилинганди. Улар адвокат билан телефон орқали мулоқот қилиш ҳуқуқига эга холос.


lenta.uz
Маҳкумларга виртуал учрашувларга рухсат берилди