Хабарлар
06:33, 21 май 2020
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро талабларга мослаштирмоқчи
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро талабларга мослаштирмоқчи
nashkiev.ua

Президент 18 майда имзолаган фармонга кўра, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари халқаро стандартларга мослаштирилади. Фармонда мамлакатдаги маҳсулотлар Organic ва Global G.A.P стандартлари талабларига жавоб бериши белгилаб қўйилган.

Бу нега керак?

Халқаро стандартларга мослашишдан бош мақсад — халқаро бозорга чиқиш. Халқаро стандартларга мослаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқариш бирмунча осон кечади. Бундан ташқари, республика ҳудудидаги истеъмолчилар ҳам сифатли ва хавфсиз агромаҳсулотларни харид қилиш имконияти кенгаяди.

Юқоридаги дастурлар талабидан келиб чиқадиган бўлсак, бу Ўзбекистон учун жуда фойдали. Чунки Ўзбекистон аграр-индустриал давлат бўлиб, бундай давлат иқтисоди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва жаҳон бозори талабларига мослаштириш жуда муҳим. Чунки Ўзбекистонда асосий экспорт маҳсулотлари қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ.

Organic ва Global G.A.P нима?

Organic ва Global G.A.P стандартлари жаҳон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик бўйича энг ишончли ва юқори кўрсаткичли стандартларидир.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлаштириш бўйича тадқиқотларни учга бўлиш мумкин:

  • Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича яхши тажрибалар
  • Global G.A.P дастурлари
  • Organic деҳқончилик дастурлари

Биринчи стандарт асосида сертификатлаштиришда сертификат олиш учун мурожаат қилган ишлаб чиқарувчи компанияларда ишлаб чиқариш жараёнлари назорат қилинади ва ўз мезонларига мослигига ишонсалар, сертификат берилади. Бундай тартибдаги сертификатлаш 2006 йилда бошланган.

Global G.A.P дастурлари асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда қўлланилади. Дунё экологик мувозанатининг бузилиши, овқатланиш одатларининг фарқланиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашнинг янги усуллари пайдо бўлиши озиқ-овқат хафсизлигида жиддий муаммоларга олиб келган. Айнан озиқ-овқат хавфсизлигини бартараф этиш мақсадида 1997 йилда Global G.A.P концепцияси ишлаб чиқилган.

Унга қуйидаги талаблар қўйилади:

  • Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жисмоний, кимёвий ва микробиологик жиҳатдан зарарли бўлмаслиги керак.
  • Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳит ва экологияга зарар етказмаслик керак.
  • Ишлаб чиқариш амалдаги қонун ҳужжатларига мос равишда амалга оширилиши керак.
  • Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида ишлайдиган одамларнинг соғлиғи ва хавфсизлиги учун барча эҳтиёт чоралари кўрилган бўлиши керак.

Organic деҳқончилик дастурлари — экологик муаммолар жиддий ташвиш уйғатаётган бир пайтда инсоният учун умид манбаидир. Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган кимёвий ўғитлар инсон саломатлиги ва табиатга жиддий зарар етказади. Organic дехқончилик ёндашуви шу каби салбий таъсирларни бартараф этиш учун ишлаб чиқилган.

Бундай дастур “биологик қишлоқ хўжалиги” деб ҳам аталади. Бу дастур қишлоқ хўжалигининг барча жиҳатларида табиийликни талаб қилади. Ўсимликларни ҳимоя қилиш, зараркунандаларга қарши курашиш усулларида табиийликка интилади. Бу дастур асосида олинган маҳсулотлар оrganic маҳсулотлар дейилади.


lenta.uz
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро талабларга мослаштирмоқчи