Хабарлар
16:59, 02 июль 2020
Президент Андижондаги қотиллик учун ИИВ раҳбариятини танқид қилди
Президент Андижондаги қотиллик учун ИИВ раҳбариятини танқид қилди
President.uz

30 июнда президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор ўтказиб, Андижонда рўй берган фожеа учун Ички ишлар вазирлигини қаттиқ танқид қилган. Видеоселекторнинг эртасига эса ИИВ матбуот котиби узр сўраб чиққан.

Президент селектори давомида терговдаги қийноқлар масаласига алоҳида тўхталган: “Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози!”

Давлат раҳбари Андижон ва Чироқчида содир бўлган бу каби фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши кераклигини айтган. Ҳозир бу жиноятларга алоқадор 11 ИИО ходими жавобгарликка тортилган, 7 раҳбар ишдан кетган, яна 16 таси интизомий жазо олган.

Йиғилишда Мирзиёев ИИВ раҳбарларини қаттиқ танқид қилган: “Нима учун тезкор-қидирув ва терговни назорат қилувчи прокурорлар, ички ишлар раҳбарлари бунга биз айбдормиз, деб чиқиб айтмайди. Ўша ходимларнинг билимини оширмадик, қонун билан ишлаш, одамлар билан муомала қилишга ўргатмадик, деб нима учун халқдан кечирим сўрамайсизлар?”

Бундай ҳолатлар юзага келишининг асосий сабабларидан бири тергов жараёнида жиноятни очишнинг “шахсдан далилга” тамойилига асосланишидир. Демократик давлатларда “далилдан шахсга” тамойили қўлланилади, яъни далил топилмагунча шахсни ушлаб туриш мумкин эмас. Ўзбекистонда эса айби исботланмаган одамлар гумондор сифатида тергов қилинади. Тергов жараёни баъзан Чироқчи ва Андижондаги сингари фожеалар билан тугайди.

Эсингизда бўлса, 23 январда Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этганди. 2020 йил 30 май куни эса андижонлик А.Абдукаримов 3 “опер” томонидан калтакланган ва 11 июнда вафот этган эди.

“Инсон ҳуқуқларини бузгани учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди. Бундай ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда. Лекин халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози дейишга ҳали асос йўқ”, деган президент.

2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган. Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суд тугашини кутмай, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши мумкин.

Бундан ташқари, мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилган. Унга кўра, суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечилади.

Шунингдек, президент суд халқ кўз ўнгида, очиқ-ошкора бўлиши, йил якунигача суд мажлислари мажбурий тарзда аудиоёзув орқали ёзиб олишни топширган.


lenta.uz
Президент Андижондаги қотиллик учун ИИВ раҳбариятини танқид қилди