Хабарлар
15:36, 19 май 2020
Ҳунари борлар даромад солиғидан озод қилинади
Ҳунари борлар даромад солиғидан озод қилинади
President.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни йиғилиш ўтказиб, ҳунари бўлиб, ўзини иш билан таъминлаб ўтирган касб эгалари даромад солиғидан озод қилинишини айтган.

Давлат раҳбарига кўра, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксичи, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби 60 дан зиёд касб эгалари шундай имтиёзга эга бўлади.

Бунинг учун улар телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилади холос. Шунингдек, бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобиль илова ишлаб чиқилади.

"Қанчалик оғир бўлмасин, нима шароит яратиш зарур бўлса, барчасини қилдик. Энди иқтисодиёт ва инвестиция комплекслари, сектор раҳбарлари қуйи тизимда ушбу имтиёзларнинг ҳар бир тадбиркор ва фуқарогача етиб боришини таъминлаши керак", деган президент.

Бу биринчиси эмас

Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш бўйича биринчи марта шахсан топшириқ бермаяпти. Президент этиб сайлангандан бери тадбиркорлар учун кўп имтиёзлар берилган, текшир-текширлар камайтирилган.

Лекин маҳаллий тадбиркорлар жойларда жуда кўп тўсиқларга учраб келган ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Президент бугун шу масалага ҳам алоҳида тўхталган. Айниқса, тадбиркорлар мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратган.

"Барча ҳокимларни огоҳлантираман. Бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутулмайди, балки қонун олдида жавоб беради", деган Шавкат Мирзиёев.

Президент керакли идораларга тадбиркор мулкини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, товон пулини тўлаш бўйича топшириқ берган. Шунингдек, Бизнес-омбудсман бузғунчи ҳокимлар ҳақида ҳукуматга маълумот киритиб боради.

Вазирлар Маҳкамаси эса тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган, улар билан етарли даражада ишламаган ҳокимларнинг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқади.


lenta.uz
Ҳунари борлар даромад солиғидан озод қилинади