Таҳлил
06:37, 28 май 2020
Россия ғалаба парадини барибир ўтказмоқчи
Россия ғалаба парадини барибир ўтказмоқчи
nedelyaru.ru

Россия президенти Владимир Путин коронавирус тарқалишининг авж нуқтаси ўтганини ва шу туфайли 9 май куни ўтказилмай қолган ғалаба парадини 24 июнь куни ўтказилишини маълум қилган.

Давлат раҳбари мудофаа вазири Сергей Шойгу билан ўтказилган учрашув чоғида парадга тайёргарлик кўришни бошлашга кўрсатма берган. Парад учун белгиланган санада 1945 йилда Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалаба шарафига илк бор ҳарбий парад ўтказилган эди.

Шунингдек, парад билан бирга ўтказиладиган "Ўлмас полк" марши ижтимоий масофа сақлашнинг иложи йўқлиги хавфи остида 26 июль — Россия ҳарбий денгиз кучлари кунида ўтказилиши белгиланган. 

Карантиндаги Россия

Ҳолбуки, коронавирус тарқалиш чўққисидан муваффақиятли ўтган, деб ҳисобланаётган Россияда вирус тарқалиш темпи сезиларли тушмаган. Масалан, 24 май куни 344 481 та касаллик ҳолати аниқланган бўлса, 27 майда яна 30 000 та янги бемор қайд этилган, кунлик ўлим сони 161 тани ташкил этган. Бунда энг юқори кўрсаткич Москва шаҳрига тўғри келади. 

Айни пайтда давлат раҳбари парад жараёнида санитария-гигиеник қоидаларига қатъий риоя қилиниши учун зарур чораларни кўриш лозимлигини таъкидлаган: "Қайтараман: одамларнинг соғлиғи, ҳаёти, хавфсизлиги — биз учун асосий, мутлақо қадрли!".

Иқтисодий аҳвол

Мамлакат аҳолиси айни пайтда бу янгиликдан таажжубда. Қаттиқ карантин туфайли ночор аҳволга келган кичик ва ўрта бизнес, фақат ойлик маош эвазига кун кўрадиган фуқароларнинг катта қисми иқтисодий аҳволи сезиларли даража азият чекмоқда.

Шундай бир шароитда парад ўтказилиши учун сарфланиши режалаштирилган маблағни мактаб, боғча, меҳрибонлик уйи каби муассасалар ташкил этишга чақириш мазмунидаги изоҳларни ижтимоий тармоқларда кўплаб учратиш мумкин.

Хусусан, коронавирус ва карантин тартиби оқибатида Россия иқтисодиётига етган зарарни қоплаш учун камида 4 йил кераклиги рус сиёсатчи ва иқтисодчилари томонидан айтиб ўтилган.

Иқтисодчилар апрель-май учун башорат қилинган мамлакат иқтисодий зарари 4 трлн. рублдан ошишини тахмин қилган.

Шуни қайд этиш лозимки, ғалаба паради Россияда ҳар йили 9 майда ўтказилади, ўтган йили парад доирасида мамлакат бўйлаб 60 000 га яқин киши, 2 000 га яқин ҳарбий техника иштирок этган. Бундан ташқари, Россиянинг жами 17 та шаҳар ва округ марказларида артиллерия салютлари уюштирилади. Табиийки, буларнинг барчаси катта маблағ ҳамда тайёргарликни талаб этади.

Мисол тариқасида, 2013 йилдаги парад учун 110 млн. рубль сарфланган (2013 ҳолатига кўра тахминан 3,35 млрд. долларга яқин).

Ғалаба кимники эди?

Фашист Германияси устидан ғалаба қозонилган 1945 йилдан бери Россияда 40 дан ортиқ шу тарздаги ғалаба парадлари ташкиллаштирилган. Мамлакат учун ғалаба паради муҳим ижтимоий-сиёсий стратегияга эга дейиш мумкин. Чунки параддан биринчи навбатда кўзланган мақсад Федерация ҳарбий кучи ва қудратини дунёга намойиш қилиш ва бир аср аввал Жаҳон урушида қозонилган ғалабага урғу берган ҳолда тарихий воқеани янада улуғлашдан иборат.

Ҳолбуки, фашистлар устидан қозонилган ғалабада Ўрта Осиё, Европа ва қисман Америка давлатлари, халқлари кўрсатган жасорати ҳамда хизмати беқиёсдир.

Европа давлатлари ҳамда АҚШда ғалабага эришилган сана 8 майда анъанавий мотам ва ғалаба куни сифатида нишонланади: ёдгорлик, ҳайкаллар, қабристонларга гуллар қўйилади, уруш қахрамонлари ҳолидан хабар олиниб, давлат томонидан турли кўринишда тақдирланади. Жойларда ҳарбийлар ва кўнгиллилар иштирокида ҳарбий марш ва карнаваллар ўтказилади.

Собиқ Чехословакиядан ажралган Чехия ва Словакияда эса хотира куни йирик ҳарбий парадлар иштирокида тўлақонли нишонланади.

Урушда мағлубиятга учраган Германия ҳам фашизм зулмидан озод бўлиш санасини ёдга олади. Масалан, шу йили Брандербург дарвозасида русча "Раҳмат" ("Спасибо") сўзи туширилган плакат осиб қўйилган. Урушда ҳалок бўлган собиқ иттифоқ аскарлари қабрига гуллар қўйиб эҳтиром кўрсатилган.

Ўзбекистонда эса 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида белгиланган. Бу кунда ўтганлар руҳини шод айлаш, марҳумлар қабрини зиёрат қилиш ва марказий кўчаларда ҳарбийлар, кўнгиллилар иштирокида кичик маршлар, парадлар уюштириш урфга кирган.


lenta.uz
Россия ғалаба парадини барибир ўтказмоқчи