Хабарлар
12:31, 30 май 2020
Доналд Трамп ижтимоий тармоқларни блокламоқчи
Доналд Трамп ижтимоий тармоқларни блокламоқчи
Win McNamee / Getty Images

Америка қўшма штатлари президенти Доналд Трамп мамлакатда ижтимоий тармоқларни блоклашга қаратилган қарорни имзоламоқчилигини айтган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Кейли МакЭнани хабар берган.

Ҳаммаси Twitter Доналд Трамп твитларидан бирини жамоатчилик учун хавфли деб ҳисоблагани ва унга огоҳлантириш юборганидан бошланган.

“Ижтимоий тармоқлар консерваторларнинг овозини ўчира олишига республикачиларнинг ишончи комил. Биз асло бунга йўл қўймаймиз – уларнинг фаолиятини қатъий назоратга оламиз ёки ёпамиз”, деган Доналд Трамп.

Янги қарорга кўра, ижтимоий медиа компаниялари ўз платформаларида фойдаланувчилар томонидан жойлаштирилган контент учун жавоб бермайди. Лекин уларга номақбул, ҳақоратли ёки зўравонликка чорловчи материалларни эркин равишда таҳрирлаш, ўчириб ташлаш ёки ўзгартириш каби чоралар кўриш ваколати берилади.

“Трамп қанча хоҳламасин, Twitter’га қарши чора кўра олмайди, уни айни пайтда судга ҳам бера олмайди. Чунки Section-230 қонунига кўра, ижтимоий тармоқларда ёки барча маълумот қўя оладиган сайтларда учинчи тараф томонидан тарқатиладиган маълумот учун сайт эгаси жавобгар бўлмайди”, деб ёзган "Америка овози" мухбири Беҳзод Мамадиев.

Трамп эса махсус қарори билан ушбу қонунга ўзгартириш киритмоқчи. Унинг фикрича, бу цензуранинг яққол намунаси.

“Сўз эркинлиги — бу Америка демократиясининг асосидир. Америка бу муқаддас ҳуқуқни Конституцияга биринчи ўзгартириш орқали ҳимоя қилганлар. Ғояларни эркин ифода этиш ва мунозара қилиш бизнинг эркин халқ сифатида барча ҳуқуқларимизнинг асосидир”, деб ёзган Трамп ўзининг Twitter саҳифасида.

Доналд Трамп Twitter’да 80 миллиондан ортиқ кузатувчига эга ва у ижтимоий тармоқлардаги энг фаол сиёсий арбоблардан бири. Кунига 10 тадан 20 тагача твит ёзади. Бу ишда унга Дан Скавино — президент ижтимоий медиа директори ёрдам беради.


lenta.uz
Доналд Трамп ижтимоий тармоқларни блокламоқчи