Хабарлар
13:41, 26 май 2020
COVID-19: иккинчи тўлқин кутилмоқда
COVID-19: иккинчи тўлқин кутилмоқда
unsplash.com

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус беморлари камайиши кузатилаётган давлатларда COVID-19 инфекциясининг қайталаниш хавфи ҳақида огоҳлантирган.

“Дунё ҳали ҳам коронавирус пандемияси биринчи тўлқинининг ярмида. Коронавирусга чалинганлар сони камаяётган давлатлар карантин чекловларидан эрта воз кечишса, пандемия қайталанишига дуч келишлари мумкин”, деган ЖССТнинг фавқулодда ҳолатлар бўлими раҳбари Майк Райан.

Хусусан, Ўзбекистонда ҳам сўнгги кунларда вирусдан касалланганлар сони ошиб бормоқда. Бу борада Lenta.uz мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев билан боғланди.

“Бугунги кунда иккинчи тўлқин бўлиш ё бўлмаслиги башоратдай гап. Ҳозирги вазиятда аниқ хулоса бера олмаймиз. Фақат карантин қоидаларига тўла амал қилиб, ижтимоий масофани сақлашимиз лозим”, деган Санаев.

26 май соат 17:00 ҳолатига кўра, COVID-19 инфекцияси қайд этилганлар сони 3281, соғайганлар 2624, ўлим ҳолати эса 13 кишини ташкил этмоқда. 

Коронавирус инфекцияси Ўзбекистонда илк бор жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган. 16 мартдан эса мамлакатда карантин эълон қилинган.


lenta.uz
COVID-19: иккинчи тўлқин кутилмоқда