Таҳлил
05:57, 25 май 2020
Онкологик беморлар нега тўлиқ даволана олмайди? “Бойларнинг касали” ҳақидаги ҳақиқатлар
Онкологик беморлар нега тўлиқ даволана олмайди? “Бойларнинг касали” ҳақидаги ҳақиқатлар
Facebook

Ўзбекистонда 16-мартда эълон қилинган карантин ҳолатида коронавирусдан вафот этган инсонларга нисбатан айнан шу даврда саратон хасталигидан вафот этаётган болалар сони кўп. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида онкологик касалликка чалинган болаларнинг 80%и тўлиқ тузалмоқда. Бунда замонавий тиббиёт ва малакали шифокорлар хизмати беқиёс. Қолаверса, ҳали ёш организмнинг яшовчанлиги ҳам юқори бўлади.

Ўзбекистонда эса ўлим ҳолати ҳамон етакчилик қилмоқда. 2017-2021 йилларда онкологик ёрдам беришни янада ривожлантириш тадбирларини амалга оширишга Ўзбекистон бюджетидан 32,5 миллиард сўм ҳамда халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ва грантлари ҳисобига 144,1 миллион доллар йўналтириш назарда тутилган. Аммо бу ёрдам маблағлари ҳам касаллик билан курашда етарлича самарадорликни таъминлай олмаяпти.

Бугунги суриштирувимизда тизимдаги асосий муаммолар ва сарф-харажатлар 2 томоннинг хулосасига кўра ёритилди.

Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази болалар бўлимидаги масъул шифокорлар билан суҳбат чоғида қуйидаги асосий муаммолар таъкидлаб ўтилди:

  1. Кадрлар муаммоси. Бошқа соҳалардан фарқли равишда онкология йўналишида мутахассислар етишмовчилиги кузатилади.
  2. Тўғри ва аниқ ташхисда ҳамда даволашда зарур асбоб-ускуна, инвентарларнинг етарли эмаслиги, тиббий аппаратларнинг доим ҳам замонавий, сўнгги модели қўлланмаслиги.
  3. Аҳолининг тиббий саводхонлиги юқори даражада эмаслиги ҳам даволаш ишларида жиддий қийинчиликларни юзага келтиради.

Эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир жиҳат, шифокорлар томонидан турли хайрия марказлари танқидга учрамоқда. Малакали мутахассисларнинг фикрига кўра, онкологик касалликлар билан хасталанган беморнинг операцияси ҳамда кимё терапияси курслари давлат томонидан молиялаштирилади. Умуман олганда, беморлардан даволаниш вақтида ортиқча харажат талаб қилинмайди.

Аслида қандай? Иккинчи томонни эшитиш мақсадида кўплаб бемор ва уларнинг яқинлари билан суҳбат қурдик. Натижада эса қуйидаги ҳолатлар гувоҳига айландик:

  1. Авалло, онкологияда даволаниши зарур бўлган бемор "ордер" олиши лозим. Кўпгина ота-оналар билан суҳбат чоғида билганимиз шу бўлдики, бунинг ҳам ўзига яраша югур-югури, бироз “чиқим”и бор экан.
  2. Кимётерапия курслари юқорида айтилганидай давлат ҳисобидан берилади. Аммо бемор аҳволига қараб, бироз кучли ёки камёб кимётерапия қилиниши лозим бўлса, бундай дори воситалари одатда шифохонада топилмайди. Натижада бемор яқинлари ўзлари топиб, харид қилишга мажбур бўлишади. Бундан ташқари, йил боши ва охирида дори-дармон билан боғлиқ муаммолар юзага келиши, 1-2 ҳафта давом этадиган узилиш даврида барча дорилар бемор яқинлари томонидан харид қилинишини шифокорлар ҳам таъкидлашди. Мисол келтирамиз, Азизхўжа исмли бемор болакай учун ҳар бири 40 доллар турадиган доридан 20 та олишган; Солиҳабону исмли қизалоқнинг охирги кимётерапияси шифохонада мавжуд бўлмагани учун онаси Тошкент бўйлаб ҳар бири 1 000 000 сўм турадиган дори қидирганини суҳбат чоғида аниқладик.
  3. Бемор болакайларнинг ҳар бирига алоҳида парвариш лозим. Яхши парвариш ҳамиша яхшигина пулни талаб қилади.
  4. Бу энг муҳим бандлардан бири. Аксар беморларни Ўзбекистонда операция қилиш имконсиз. Кўп ҳолатларда керакли ускуналар етишмайди. Шу сабабли ўз уйини сотиб ёки халқдан ёрдам сўраб четга операция учун кетаётган беморлар ҳақида эшитамиз. Бу каби беморлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Суҳбат чоғида кўплаб ота-оналар хайрия фондларига шу масала бўйича мурожаат қилганини маълум қилишди.
  5. Четда даволатишга имкони бўлмаган энг сўнгги босқичдаги беморлар сўнгги пулларини турли табибларга ёки Америка ёинки бошқа бир давлатда тайёрланган қимматбаҳо дорилар учун сарфлашмоқда. Ширин, Фотима каби қизалоқлар ҳам сўнгги ойларда айнан бир турдаги гиёҳдан тайёрланган дори воситаси орқали даволанишга ҳаракат қилган.
  6. Болалар протезлари бутун республика учун муаммоли масала. Сабаби улар жуда қиммат ва бола катта бўлгани сайин унга мос бўлган бошқа протезга янгиланиб бориши лозим. Бундай протезлар Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилмаслиги туфайли махсус буюртма орқали четдан харид қилиш бемор яқинларидан катта маблағ талаб этади.

Бу каби бандларни яна узоқ санаш мумкин. Булар бизнинг кузатувларимиз. Мутахасис назорати остида яхшилаб ўрганилса, яна ўнлаб сабаблар топиш мумкин.

Тизимдаги моддий маблағ сарф-харажати янада шаффоф тарзда олиб борилиши, ҳисоботлар барча учун очиқ кўрсатилиши лозим деб ҳисоблаймиз. Бу усул мақсадсиз сарфланишнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин.

Улкан сабр, катта маблағ талаб этиладиган бу хасталикка етарлича эътибор қаратиш лозим. Тизимдаги бу ва бошқа муаммоларга мутасаддилар томонидан ўрганилиб, керакли ислоҳотлар амалга оширилишига умид қиламиз.


lenta.uz
Онкологик беморлар нега тўлиқ даволана олмайди? “Бойларнинг касали” ҳақидаги ҳақиқатлар