Хабарлар
09:28, 23 май 2020
Ўзбекистонда шамол электр станциялари қурилади
Ўзбекистонда шамол электр станциялари қурилади
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда қуввати 100 МВт га тенг бўлган биринчи шамол электр станцияси (ШЭС) қурилади. Бунинг учун 30 та мамлакатдан 70 компания ва консорциумлар тендерга ариза берган.

Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида қурилиши мўлжалланган ШЭС лойиҳасини Европа тикланиш ва тараққиёт банки молиялаштиради.

"Тендер ғолиблари қурилиш, молиялаштириш, ишлаб чиқиш, ушбу лойиҳа доирасидаги бошқа ишларда қатнашишади", деган Энергетика вазирлиги ахборот хизмати.

Ўзбекистонда келгуси 10 йил ичида аҳолини электр билан таъминлаш мақсадида 3 ГВт.гача бўлган ШЭСлар қурилиши режалаштирилган. Бу электр манбаларини янгилаш стратегиясининг бир қисми экани айтилган.

ШЭС нима ўзи?

Шамол электр станцияси — шамол оқимининг кинетик энергиясини электр энергиясига айлантирувчи қурилма бўлиб, электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида экологик тоза энергия манбаи ҳисобланади.

ШЭС атроф-муҳит экологиясига зарар келтирмаслиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, шамол энергияси доимий бўлган ҳудудлар учун ШЭС муҳим энергия манбаидир.

Аммо шамол электр станциялари учун жуда катта ҳудудлар зарур, чунки шамол энергетик қурилмаларининг бир-биридан узоқда жойлашиши ва орадаги масофа иш ғилдираги диаметрининг 6-18 баробарига тенг бўлиши керак.


lenta.uz
Ўзбекистонда шамол электр станциялари қурилади