Таҳлил
18:03, 18 июнь 2020
Андижонлик фуқарони ўлдирган 3 “опер”га нисбатан қандай жазо қўлланилади?
Андижонлик фуқарони ўлдирган 3 “опер”га нисбатан қандай жазо қўлланилади?
Скриншот

Ижтимоий тармоқларни ларзага солган видеода кучли калтак зарбидан кома ҳолатига тушиб қолган беморнинг аянчли аҳволи тасвирланган. Беморнинг синглиси берган маълумотга кўра, фуқаро соғ ҳолатда Андижон шаҳар ИИБга кетган.

Бу вазият бўйича суриштирув олиб борилган ва Бош прокуратура расмий баёнот берган. Унга кўра, 2020 йил 30 май куни фуқаро А.Абдукаримов Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига ётқизилган. Табиийки, Андижон шаҳар прокуратураси шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимларига нисбатан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатган.

Кейинроқ, яъни 1 июнь куни 3 нафар ИИО ходимига нисбатан ЖКнинг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, улар қамоққа олинган. Жабрланувчи тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан у 11 июнда вафот этган.

Андижондаги бу мудҳиш воқеа юзасидан 2020 йил 14 июнь куни ИИВ расмий баёнот эълон қилган. Унда таъкидланишича, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилган. Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажонов ишдан олинган. Бундан ташқари, 19 раҳбар ва ходимларга қатъий интизомий жазолар қўлланилган.

“ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас”

Бундай ҳолат илк марта содир этилаётгани йўқ. Жорий йилнинг 23 январида Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этганди. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, икки ИИБ ходими қамоққа олинган. Кейинроқ ИИБ ходимларининг 13 нафари бу иш доирасида тергов жараёнига жалб қилинган ва мазкур воқеа сабаб вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Самад Турдиев ишдан кетганди.

Ана шу фожеадан кейин Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмаслиги, бу табиий ҳоллиги, олдин ҳам бўлганини айтган.

Қандай жазо бўлади?

Ҳозир айбдорларга Жиноят кодексининг 206 (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234 (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ва 235-моддалари (Қийноққа солиш) билан жиноий иш очилган.

Тергов ҳамда хизмат текшируви жараёнидаги хулосаларга таянган ҳолатда жиноий иш судга тақдим этилади. Лекин бевосита қотиллик бўйича Жиноят кодексининг 97 моддаси, 2-қисми Г банди билан ҳам жиноий иш очилиши мумкин. Сабаби ҳозирда жиноий иш очилган ЖКнинг 206-моддаси ва бошқа моддаларда одам ўлими туфайли юзага келган вазият йўқ.

206-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш)нинг 1-қисмига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;

234-модда (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) биринчи қисмига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 1 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;

235-модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар баданга оғир шикаст етказилишига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Тахминий хулосага кўра, энг енгил жазо жаримага тортиш бўлса, оғир кўринишда 11 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бироқ тергов жараёнида ўрганилган барча далиллар, айбдорларнинг шахсига оид маълумотлар инобатга олиниб ҳамда жиноятнинг хавфлилик даражаси ва бошқа омиллар ассосида жазо тури ҳамда миқдори суд томонидан белгиланади.

Жамоатчилик эътибори

Америкада қора танли Жорд Флойд полициячи қийноғи ортидан ҳалок бўлганди. Натижада бутун мамлакатда оммавий норозиликлар бошланган ва ҳозир ҳам давом этяпти. Бунга йўл қўйган полиция бўлинмаси тарқатиб юборилган, масъуллар тиз чўкиб кечириб сўраган.

Ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегменти Андижондаги воқеани АҚШда содир этилган шу ҳолат билан таққослаб, тизимда жиддий ислоҳотлар амалга оширилишини талаб қилмоқда. Бу вазият учун ИИВ раҳбарияти истеъфога чиқиши ёки умуман вазирлик тугатилиши таклиф қилинган.

“Ўзбекистонда милиция ходимларининг аҳолига нисбатан сони – ниҳоятда катта. Халқаро стандартларга кўра, ҳар тўрт-беш минг ватандошга, бир милиция ходими тўғри келса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзбекистонда бу норма, тахминларга кўра, 10-15 баравар юқори. Иккинчи маъмурият ҳозирча милиция ходимлари сонини жиддий қисқартирмади. Милиция томонидан ватандошларни осонликча қийнашлари, ўлдиришлари – узоқ йиллик анъана, амалиёт. Давлат бу зеҳният билан техник, механик эмас, сиёсий-ҳуқуқий кўламда, катта кампания олиб бориб курашмаса, бу каби хатолар Ўзбекистон учун қимматга тушиши мумкин. Давлат одамлар билан, жамият билан ишонч тармоқларини заифлаштириши эмас, кучайтириш керак!” (Камолиддин Раббимов, сиёсатчи)

“Ижодкорларнинг битта ҳазилига узр сўратиш, уларни террористик ташкилот раҳнамоларидек ваҳимали мусиқа остида акс эттириш ўта ожизона ва ногирон услуб. Кулгили ҳам. Сиз шундай тизим яратингки, сизга нисбатан гап гапирадиган, муносабат билдирадиган одамнинг ўзи хижолат тортсин. Шундай шаффоф, интизомли одамларнинг ҳурматини сақлаши кераклигини ўзи ҳис қилсин! Бу қўлингиздан келмаса, ижодкорлар ҳуқуқини эзманг. Ва яна бир гап! Арслонларга кучингиз етмаса, мушукларга ҳам тегманг” (Ҳамза Жумаев, журналист)

“Чироқчи ва Андижондаги воқеаларнинг юзага қалқиб чиқиши тизим ислоҳ қилиниши, шаффофлантирилиши ва унинг ҳисобдорлигини таъминлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Бундай қийноққа учраб, сукут сақлаб юрганлар қанча? Вазирлик ҳеч қачон ўзини ўзи ислоҳ қилмайди, ҳатто узр ҳам сўрамайди. Вазирликни ислоҳ қилиш вазирлик иштирокисиз бўлиши керак” (Қобил Хидиров, блогер)

“Андижонда уриб ўлдирилган йигит воқеасини ўқиб, бир нуқтага узоооқ тикилиб қолдим. Ўйлаб ўйимга ета олмадим. Қонунни ва мени ҳимоя қилиши керак бўлган инсонлар мени энг фундаментал ҳуқуқларимдан бири бўлган яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилсалар. Тинимсиз калтаклар орқали келган кома ҳолати, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган синглингнинг дод деб жонсиз тананг атрофида юриши... Суд, ТВга чиқариб узр сўраш, хотираси калта халқ... Тизим ислоҳ қилинмас экан, ана шундай давлатдан аламзада сингиллар, аламзада фарзандлар кўпаяверади... Она-чи? Она... Она адолат топа олмаса қарғайди... Ислоҳот бўлмас экан, сингиллар йиғлайверади, оналар қарғайверади, акаларнинг эса калтаклар зарбидан жонлари чиқиб кетаверади...” (Нурбек Алимов, блогер)

“Андижонда ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатилиши ортидан фуқаро Абдукаримов вафот этган. Бу фожеа бўйича айбдорлар жазоланиши керак, умид қиламанки, жазоланади ҳам. Лекин бу кифоя қилмайди. Ички ишлар органлари росмана ислоҳ қилиниши лозим. Билмайман, янги тарихимизда бу нечанчи марта такрорланаётган жиноят, лекин вазифаси хавф солиш эмас, ҳимоя қилиш бўлган ўзбек полицияси қайта ташкил этилмаса, охиргиси бўлмайди” (Отабек Бакиров, блогер)


lenta.uz
Андижонлик фуқарони ўлдирган 3 “опер”га нисбатан қандай жазо қўлланилади?