Хабарлар
10:06, 18 май 2020
Афғонистонни икки раҳбар бошқарадиган бўлди
Афғонистонни икки раҳбар бошқарадиган бўлди
BBC

Афғонистон ҳукумати бошқарувини президент Ашраф Ғани ва собиқ бош вазир Абдулла Абдулла тенг бўлишиб олган. Улар ўртасидаги сиёсий келишув 17 май куни имзоланган.

Янги келишув

Ғани президентлик лавозимини сақлаб қолган, Абдулла эса Афғонистон олий миллий ярашув кенгаши раислиги билан кифояланган. Абдулла сулҳ ва муроса масалаларида президент Ғанидан кейин иккинчи қудратли шахсга айланган.

Шунингдек, икки сиёсий рақиб Вазирлар Маҳкамаси таркибини танлашда ҳам тенг ҳуқуққа эга бўлишган. Барча ҳокимларни ҳам биргаликда тайинлашади.

Янги келишувга асосан, генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистон тарихидаги учинчи маршалга айланган. Шу қаторда Афғонистон олий давлат ва Миллий хавфсизлик кенгашлари таркибига ҳам киритилган.

Маршаллик Афғонистон қуролли кучларида энг олий ҳарбий рутба саналади. Шу тариқа генерал Дўстум Афғонистон тарихидаги биринчи ўзбек маршалига айланган.

Халқаро муносабат

Келишув имзоланганидан сўнг бирин-кетин АҚШ, Эрон, Европа иттифоқи сиёсий вакиллари жараён юзасидан муносабат билдиришган.

"Афғонистон бирлашган давлат сифатидагина кучли бўла олади. Айни дамда улар COVID-19 келтириб чиқарган инқироз, афғон халқининг зарурий эҳтиёжлари ва тинчлик битимларини имзолаш борасида қайғуришлари керак", деган ЕИнинг ташқи ишлар ва сиёсий хавфсизлик масалалари бўйича вакили Жозеп Боррель Твиттер саҳифасида.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Мусавий бу келишувни маъқуллаб, "сиёсий диалогларда" кўмагини аямаслигини айтиб ўтган. Шу орқали Эрон "барча афғоний гуруҳ ва уюшмалар бирлашуви", айниқса, толибонлар билан бўладиган келишувларнинг тарафдори эканини айтган.

Ўзбекистон томони бу келишувни қўллаб-қувватлашини билдирган. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳар жиҳатдан Афғонистонга ёрдам беришда давом этиши таъкидланган.

Ортга назар

2019 йил сентябрдаги сайловларда ғалаба қозониб Афғонистон президентлигига қайта сайланган Ашраф Ғани 9 март куни расман лавозимига киришган эди. Ўз навбатида сайловда ютқазган собиқ бош вазир Абдулла Абдулла ўша куниёқ президентликка қасамёд қабул қилиб, ўзини давлат раҳбари деб эълон қилганди.

Орадан икки кун ўтиб, Ғани Абдулла эгаллаб турган ижро ҳокимияти раҳбарлиги лавозимини бекор қилган. Шу тариқа икки сиёсий рақиб ўртасида музокаралар бошланиб кетган эди.

Сўнгги ой давомида Афғонистон ҳукумати толиблар билан тинчлик музокараларини тиклашга уриниб келаётганди, бироқ музокаралар апрель ойида тўхтаб қолганди. «Толибон» вакиллари музокараларни «самарасиз» деб атаб, унда иштирок этишдан воз кечганди.


lenta.uz
Афғонистонни икки раҳбар бошқарадиган бўлди