Таҳлил
13:35, 20 май 2020
Ўзбекистонга АЭС керакми?
Ўзбекистонга АЭС керакми?
Ҳасан Пайдоев

Ўзбекистон мустақилликка эришганига 30 йил тўлаётган бўлса-да, қишлоқ жойларда ток етишмаслиги долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Айниқса, қиш кунларида мактаб ва боғчаларда болалар совуқда жуда қийналишади.

Электр энергиясини мунтазам таъминлаш учун четдан сотиб олиш амалиёти ҳам вақтинчалик чора ҳисобланади. Бундай вақтда барқарор электр таъминотини таъминлаб берадиган АЭС ёрдам беради.

Атом электр станцияси (АЭС) барқарор электр таъминоти ҳисобланади. Агар шартномада белгиланган муддатда қурилиш бошланган тақдирда ҳам, АЭС ўн йилдан сўнг битади. Бу вақтга келиб эса аҳолини эски таъминот йўли орқали электр қуввати билан таъминлаш имкони кескин пасайиб кетади. 

АЭС ўз нима?

Атом электр станцияси — бошқариладиган ядро реакциялари натижасида ажраладиган энергияни электр энергиясига айлантирувчи станция ҳисобланади. АЭС ёрдамида электр қуввати олишда уран ёки плутоний атомларидан фойдаланилади.

Ўтган аср охирларига қадар қатор сабабрларга кўра АЭС инсонлар хотирасида бузғунчи ҳамда вайронкор иншоот сифатида из қолдирган. 1986 йил  26 апрелда собиқ СССР ҳудудида содир бўлган Чернобиль фожиаси энг катта сабаблардан биридир.

Ҳозирги кунда АЭС қуриш бўйича 4 мамлакат катта тажрибага эга. Булар — Россия, Хитой, Франция ва Канада. Бошқа давлатларга ҳам шу 4 йирик давлат АЭС қуришда кўмак бериб келмоқдалар.

Бироқ, ер юзида аҳоли сони кўпайгани сари электр қувватига бўлган эҳтиёж ҳам худди шундай ўсмоқда. 2017 йил 1 февралдаги рақамларга кўра, АЭС дунёнинг 31 та давлатида бор. Жами ҳисобланганда, фаолият кўрсатаётган АЭСлар сони 191 та, реакторлар эса 451 тани ташкил этади.

АЭС нега керак?

Аҳолининг электр таъминотига бўлган талабини инобатга олиб, токни тежаш учун ҳозир баъзи ҳудудларда чироқ ўчириш билан вазиятдан чиқилади. Аммо бу ҳам ечим эмас. Ривожланган давлатларда АЭС мавжуд. Бошқача қилиб айтганда, АЭС бор давлатларда ривожланиш жадал. Шундай экан, АЭСнинг фойдали жиҳатлари ҳам салмоқли даражада.

АЭС урандан фойдаланишини ҳисобга оладиган бўлсак, Ўзбекистон дунёда энг кўп уран қазиб оладиган мамлакатлар рўйхатида еттинчи ўринда туради. Жаҳонда жами ураннинг 4,3 фоизини Ўзбекистон етказиб беради. Яъни Ўзбекистон уранни бошқа давлатлардан сотиб олмайди ва уран тақчиллиги билан боғлиқ муаммо учрамайди.

Энергетика вазирлиги АЭС қурилиши билан боғлиқ айрим рақамларни келтирган. Рақамларга кўра, маҳаллий етказиб берувчиларга $1,9 млн., мамлакатнинг ички ялпи маҳсулотига $4,3 млн., давлат бюджетига эса $1,4 млн. фойда келтиради.

АЭСнинг яна бир афзаллиги — бу обрўси баландлигида. Атом электр станциясига эга давлатлар, айниқса, уларда ўз шахсий урани бўлган ҳолда, кўмир ёки газ энергетика таъминотига суянадиган бошқа давлатларга қараганда обрўси баланд.

АЭС зарарлари

АЭСда баъзи техник объектларнинг фавқулодда ишдан чиқиши оқибатида техноген ҳалокатлар ҳам содир бўлиб туради. Ҳалокат оқибатлари ўта даҳшатли тус олиб, нафақат АЭС жойлашган ҳудуд ёки қўшни вилоятларга, балки бутун Ўзбекистонга ҳам катта зарарлар етказиши эҳтимоли катта.

АЭС қурилиши катта миқдордаги маблағни талаб этади. Ҳақиқатан ҳам, ўрнатилган АЭСнинг 1 ГВт қуввати ҳозирги экспорт нархида 5-5,5 миллиард долларни ташкил этади. 1 ГВт кўмир генерацияси эса бир миллиард доллар, газ генерацияси 900 миллион доллар атрофида. Бу ҳали хомчўт қилинганда холос.

Атом электр станциясидан чиқадиган нурланган ёнилғи хавфли ҳисобланади. Нафақат нурланган ёнилғи, балки чиқинди ҳам атроф учун хавфли. Шу сабабдан чиқиндини кўмиш учун зилзила бўлиши эҳтимоли кам ер танланиши зарур. Чиқинди камида 100 метр чуқурликка кўмилиши шарт.

АЭС Ўзбекистонда

Ўзбекистоннинг Россия билан АЭС қурилиши борасидаги келишуви 2018 йил сентябрь ойида имзоланган. Унга кўра, АЭС Жиззах вилояти ҳудудида қурилади. 2018 йилнинг октябрь ойида эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишини бошлаб беришган.


lenta.uz
Ўзбекистонга АЭС керакми?