Хабарлар
06:20, 28 май 2020
Андижон ҳокимлари карантинда аҳолини кўчада юришга мажбурламоқда
Андижон ҳокимлари карантинда аҳолини кўчада юришга мажбурламоқда
Хонобод шаҳар ҳокимлиги

25 май куни Андижон вилоятининг Избоскан, Жалақудуқ, Марҳамат туманларида ва Хонобод шаҳрида "Андижон намунаси" асосида "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" шиори остида пиёда юриш ташкил этилган.

Оммавий тадбирда ёши катта кексалар ҳам бор бўлиб, улар иссиқ кунда ниқоб таққан ҳолда кўчада пиёда юришга олиб чиқилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотга кўра, 23 май куни Избоскан туманида яшовчи фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган.

Шунинг учун бемор билан мулоқотда бўлган 51 киши карантинга олинган. Уларнинг орасида оила аъзолари бор.️ Шу билан бирга, бемор билан алоқада бўлган 26 кишидан ҳам вирусологик таҳлил учун суртма намуналари олинган.

Бироқ мазкур ҳолат ҳокимлик учун оммавий марафонни ташкиллаштириш йўлида тўсиқ бўлолмаган. Пиёда юриш ҳақидаги видеорепортаж "Ўзбекистон 24" телеканали орқали намойиш этилган.

Мазкур видеолавҳаларда карантин қоидалари бузилишини илғаш қийин эмас. Яъни "пиёдалар" ўртасидаги масофа сақланмаган, улар орасида ҳатто ниқоб тақмаганларни ёки "хўжакўрсинга иягига ниқоб қўндириб олганларни" кузатиш мумкин. Шунингдек, тадбирдан сўнг фуқаролар уйига қай тартибда қайтгани ҳақида маълумотлар берилмаган.

Эътиборли жиҳати, иштирокчилар орасида кекса ёшдаги фуқароларни учратиш мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга кўра, коронавирус эпидемияси айнан кекса кишилар учун энг хавфли ҳисобланади.

Бу хабарларга жавобан вилоят СЭС пиёда юриш тадбири "карантин қоидаларига амал қилган ҳолда" ташкиллаштирилганини айтган.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бу кўринишдаги "сайрларни" уюштириш таклифи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилояти фаоллари билан учрашуви чоғида киритилган.


lenta.uz
Андижон ҳокимлари карантинда аҳолини кўчада юришга мажбурламоқда